Сўнгги пайтларда бир қатор оммавий ахборот воситаларида 2017 йил 1 январдан бошлаб, Туркманистон икки томонлама келишувларга зид равишда Эронга табиий газ етиказиб беришни тўхтатиб қўйгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Яна айрим нашрлар эса, Эрон ва Туркманистон орасида яна беш йил муддатга табиий газ етказиб бериш борасидаги битим имзоланганини хабар қилинди.
Шу муносабат билан Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги бир-бирига зид мазмундаги ушбу хабарларни асоссизлиги ҳақида баёнот берди.
Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, 1997 йил декабрь ойидан бери Туркманистон икки томонлама олди-сотди шартномасига изчил амал қилган ҳолда Эронга табиий газ етазиб бераётир. Бироқ, Эрон Миллий газ компанияси 2013 йилдан бошлаб, Туркманистонга табиий газ бўйича қарзларни вақтида тўламай келмоқда. Натижада вужудга келган қарздорлик бу борадаги ишларни давом эттиришга тўсқинлик қилаётир.
2016 йил давомида мазкур қарзларни вақтида тўлаш лозимлиги, акс ҳолда табиий газ етазиб беришда чекловлар юзага келиши борасида эронлик ҳамкорлар расман хабардор этиб келинган. Таъкидлаш жоизки, бу маблағ ўз-ўзини молиявий таъминлаб келаётган “Туркмангаз” Давлат концерни ҳисобига келиб тушади. Маблағнинг вақтида тўланмаслиги табиий газни Эронга узатиш борасидаги ишларнинг техник жиҳатдан тўхтаб қолишига сабаб бўлади. Айни пайтга қадар Туркманистон томони мавжуд вазиятни бартараф этиш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурган. Эрон Миллий газ компанияси бу масаланинг ечимига етарлича эътибор қаратмагани 2017 йилнинг 1 январидан туркман табиий газининиг Эронга етказиб берилишида маълум чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлди.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалага сиёсий тус бериш мутлақо ўринсиз эканини маълум қилган.





