Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри жамоаси Янги йил арафасида болалар ва уларнинг ота-оналарини “Катта театрда суперқаҳрамонлар” номли мусиқий эртак билан хурсанд қилишмоқда. Мазкур саҳналаштирилган Янги йил томошаси 11 январга қадар намойиш этилади.
Жажжи томошабинлар томоша аввалидаёқ катта арча остида жойлашган ва мева, сабзавотларнинг баҳайбат тасвири акс этган ноодатий декорация билан безатилган “Арча-сити”нинг сеҳрли атмосферасига ғарқ бўлишади.

Томошанинг асосий қаҳрамони Tarvuzman ҳисобланади. У қувноқ, жасур ва кучли. Tarvuzman катта арча остидаги шаҳарни ёвуз қаҳрамонлар Бақлажон ва Робот ўтинчилардан ҳимоя қилади. Шунингдек, болажонлар Тандир-ботир ва албатта Қорбобони ҳам кўришади.

“Мусиқий эртакни саҳналаштиришдан мақсад дўстларсиз муаммоларни ҳал қилиб бўлмаслиги ва ҳатто махсус костюмлар киймасдан ҳам қаҳрамон бўлиш мумкин, деган ғояни илгари суриш эди. Менинг эртагим болаларга шуни ўргатади. Спетаклда роль ижро этган ҳар бир актёр ўз вазифасини аъло даражада уддалади”,—дейди спектакл муаллифи ва режиссёри Руслан Шерезданов.

“Мамлакатимизда комикслар мавзуси унчалик оммабоп эмас, бироқ Бэтмен, Супермен, Ўргимчак-одам, Халк каби суперқаҳрамонлар ҳақида ҳамма билади. Мен ҳам бошқаларга ўхшамайдиган, ўзимизнинг суперқаҳрамонимизни яратишга қарор қилдим. Тарвузмэн ғояси шу тарзда туғилди”,—дейди спектакл режиссёри сўзларини давом эттирар экан.






