Экологик партия фракцияси депутатлари ҳайвонларга нисбатан шафқатли муносабатни таъминлашга қаратилган янги қонун лойиҳасини таклиф қилмоқда.
Сўнгги йилларда ҳайвонларга зўравонлик ҳоллари камайган бўлса-да, ҳанузгача учраб туради. Янги қонун лойиҳасига кўра, шафқатсиз муносабат учун жазолар кучайтирилади: жарималар базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача (82 млн сўм) оширилиши ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳайвонларга етказилган зарар учун ветеринар харажатларини қоплаш мажбурияти, уларни ташлаб кетиш ҳолатига чек қўйиш ва эгаларининг мажбуриятларини аниқ белгилаш кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси жамоат жойларида ҳайвонлар учун қулайликлар яратиш, йўлбошловчи ва ёрдамчи ҳайвонлар билан транспортдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ҳам назарда тутади.
Экопартия жамоатчиликни таклифлар билан чиқишга чақириб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида фаол иштирок этишни сўради. Аввалроқ, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида мушукларга нисбатан зўравонлик қилган М. Ш. 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланган эди.






