Бугун, 12 март куни Тошкент шаҳрида Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси яқинидаги янги туннель йўлида тиргак деворнинг бир қисми қисман қулаб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Билдирилишича, ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган. Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари етиб келган. Ҳозирда ҳудуд ўраб олинган ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Мутасаддиларга кўра, айни пайтда ҳодиса юзасидан комплекс техник текширув ўтказилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, сўнгги кунларда кузатилган кучли ёғингарчилик, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушаётган юклама ортиши каби омиллар ҳодисага сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, лойиҳа ечимлари, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизими ҳолати ҳамда қурилиш назорати билан боғлиқ барча жиҳатлар ҳам текширилмоқда. Текширув якунларига кўра тиклаш ишлари бўйича қарор қабул қилинади.
Маълумот учун, мазкур йўл ўтказгич 2024 йил август ойида фойдаланишга топширилган эди. Ўшанда масъуллар ушбу туннель туридаги йўл ўтказгичнинг хизмат муддати 100–120 йил бўлишини таъкидлаган.






