Дастлаб Саидов Кувайт Давлати ташқи ишлар вазири Шайх Жарроҳ Ас-Сабоҳ билан телефон орқали суҳбатлашган.
Суҳбат давомида улар Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашишган.
“Вужудга келган мураккаб шароит муносабати билан Кувайт халқи ва раҳбариятига Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг самимий ҳамдардлигини етказдик”, - деб ёзди Саидов.
Шунингдек, вазир Ўммонлик ҳамкасби Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдийга қўнғироқ қилган. Суҳбат чоғида Саидов Шавкат Мирзиёев Ўммон давлатини доимо қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Бундан ташқари Бахтиёр Саидов бир вақтнинг ўзида Иордания Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриатлар масалалари бўйича вазири Айман Сафадига телефон қилди.
У билан мулоқот чоғида Саидов минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, барқарорлик ҳамда хавфсизликка таъсири юзасидан фикр алмашган.
Суҳбат сўнгида у, Президент Шавкат Мирзиёев Иордания раҳбарияти ва халқига қаратилган самимий қўллаб-қувватлови ва бирдамлигини етказди.
“Барча юзага келаётган масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, фақат тинч, сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал этиш муҳимлигини таъкидладик”, - деб ёзди вазир ўзининг Телеграм каналида.






