Саида Мирзиёева президентнинг транспорт тизимини модернизация қилишга оид қарори ижроси доирасида амалий ишлар бошланганини маълум қилди. Унинг билдиришича, бу мақсадда ташкил этилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пойтахтдаги долзарб муаммолар юзасидан тақдимот ўтказган.

Қайд этилишича, тақдимот давомида Тошкент шаҳридаги тирбандликлар, экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда жамоат транспорти устидан назоратни кучайтириш масалалари кўриб чиқилган. Ҳисоботларга кўра, яқин кунларда “ақлли” светофорларни ўрнатиш, йўлларга стандартларга мос чизиқлар тортиш ва автотураргоҳларни тартибга солиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади.

Шунингдек, у шаҳар ҳокими бошчилигидаги жамоа қарор ижросини тўлақонли таъминлашга барча куч ва имкониятларини сафарбар этишига умид билдирган. Мирзиёева мазкур ишларнинг бажарилишини шахсан назорат қилиб боришини ҳам таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, пойтахт учун ўта муҳим ва зарур бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишда жамоага муваффақият тилаган.







