Маълум қилинишича, воқеа 2025 йил куз ойларида содир бўлган. Бу ҳақда Миллар дастурида хабар берилди. 64 ёшли қайнона ва 25 ёшли келин ўртасидаги жанжал бешик тўйини ўтказиш масаласида келиб чиққан. Улар уйда ёлғиз қолган вақтда тортишув кучайиб, оқибатда келин қайнонасига 14 маротаба пичоқ урган.
Келин суд ва тергов жараёнида ўзини ҳимоя қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қайнонаси уни пичоқ билан қўрқитган.
“Хонамда ўтирган пайтим қайнонам кириб келдилар. Телефонингни бер менга, деди. Ҳозир ўғлимга телефон қилиб, хиёнат қилди бу сенга деб ажраштириб юбораман, деди. Мен нима қилдим, деб сўрадим. Сени барибир йўқ қиламан, деб пичоқни қорнимга тираб урмоқчи бўлди. Мен уни маҳкам ушлаб, чап қўлимни айлантириб ўтказиб, орқасига бир марта пичоқ урганимни биламан”, деган у судда.
Суд ҳайъати келинни қасддан одам ўлдиришда айбдор деб топиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида опасига ишқий мазмундаги хабарлар ёзган танишидан ўч олиш мақсадида уни ўлдирмоқчи бўлган эркак 7 йилга қамалгани ҳақида хабар берилган эди.






