Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидлади.
Йиғилишда шу мақсадда ишлаб чиқилган “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилди. Уларни амалга ошириш учун “Вақф”хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўмҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Ажратиладиган маблағ ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.
Президент жорий йил январ ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугун турли радикал ва экстремистик ғоялар ахборот технологиялари орқали ёшларимиз онгини заҳарлашга уринаётгани, фақат жазо ва тақиқ билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаганди.
Айни дамда президент жамият оналари ва келажак авлод тарбиячилари бўлган хотин-қизларни бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, уларни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу берди.
Бу жараёнда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоийлаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилалари билан индивидуал тарзда ишлаб, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлади. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.






