АсосийЖамият

Қашқадарёда 20 ёшли қизнинг ошқозонидан 1,4 кг соч олинди

Бемор худди шундай муаммога аввал ҳам дуч келгани маълум бўлди.

'Қашқадарёда 20 ёшли қизнинг ошқозонидан 1,4 кг соч олинди'ning rasmi

Қашқадарё вилоятида шифокорлар кам учрайдиган, лекин жуда хавфли ҳолатга дуч келди: 20 ёшли бемор қиз ошқозонидан қарийб 1,5 килограммга яқин соч толалари операция йўли билан олиб ташланди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, гап Қарши туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган бемор ҳақида кетмоқда.

Қайд этилишича, бемор аввалдан "Д" ҳисобда турган ва ушбу муаммо билан тиббиёт муассасасига иккинчи маротаба мурожаат қилган. Унда қориннинг юқори қисмида оғриқ, шиш, кўнгил айниши, қусиш каби белгилар кузатилган. Шу сабабли вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида мутахассислар жамоаси томонидан тезкор текширувлар ўтказилиб, жарроҳлик амалиёти амалга оширилган.

Шифокор М. Пардаев бошчилигидаги жарроҳлар амалиёт вақтида бемор ошқозонида катта ҳажмли соч тўплами — трихобезоар борлигини аниқлаган. У тўлиқ ҳолда олиб ташланган. Олинган соч тўпламининг узунлиги 58 сантиметр, эни 7 сантиметр бўлиб, оғирлиги 1 килограмм 400 граммни ташкил этган.

Мутахассислар хулосасига кўра, бу ҳолат бир кунда пайдо бўлиб қолмайди: сочни узоқ йиллар давомида ютиб бориш натижасида шундай катта масса шаклланиши мумкин. Энг эътиборли жиҳати — мазкур ҳолат беморда иккинчи бор қайд этилган. Аввалроқ ҳам унга худди шундай вазият сабаб фитобезоар ташхиси билан лапаротомия ва гастротомия туридаги жарроҳлик амалиёти ўтказилгани айтилмоқда.

Айни пайтда беморнинг аҳволи барқарор, у шифокорлар доимий назорати остида даволанмоқда.

    Бошқа янгиликлар