Наманган вилоятида алиментдан қарздор ота панжара-тўсиқдан ошиб қочишга уринаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 20 январь куни Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси қидирув шўбаси ходимлари томонидан алиментдан 30 миллион сўм қарзи билан қидирувда бўлган шахс қўлга олинган. У аввал ҳам алимент тўламаслик сабабли 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаган.
Маълум қилинишича, жиноят иши қўзғатиш учун бўлимга олиб келинган вақтда у панжарадан ошиб қочиб кетишга уринган, бироқ тезкор ҳаракатлар натижасида қайта ушланган.
Шунингдек, маълумотларга кўра, Наманган вилоятида 2025 йил давомида қидирувда бўлган 258 нафар алимент қарздорининг 61 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 146 нафар шахсга маъмурий чора кўрилган, 31 нафар қарздор томонидан жами 396 миллион сўм алимент қарзлари ундирилган. Ҳозирда эса 82 нафар шахс қидирувда қолмоқда.






