Зарафшонда 1000 АҚШ доллари эвазига фуқарони ИИОга ишга киритиш ва имтиҳонсиз ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Гумонланувчи пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган ва ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида фуқарони ишончига кириб, ишга киритиб қўйиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш учун пул сўраган шахс ушланди. Бу ҳақда “Навоий” телеканали “Диёр 24” информацион дастурида хабар қилинди.
Аниқланишича, 1994-йилда Учқудуқ туманида туғилган Ж. исмли шахс бир фуқаронинг ишончига кириб, ички ишлар органларида ишловчи танишлари орқали уни тизимга хизматга киритиб қўйиш ҳамда тегишли синовларсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган. Ушбу “хизматлари” эвазига гумонланувчи 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор гуруҳ томонидан белгиланган тадбир давомида Ж. Зарафшон шаҳридаги савдо мажмуаларидан бирининг олдида аризачидан кимёвий ишлов берилган 1000 долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Сўроқ давомида гумонланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ички ишлар бўлими раҳбарининг номидан фойдаланганини, аслида эса раҳбариятнинг бу ишга алоқаси йўқлигини ҳамда пулларни ўз манфаати учун олганини билдирган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Зарафшон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






