Ишига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун “Қарши нефть базаси” раҳбарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилди. Бу ҳақда 18 январь куни "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот котиби Мўмин Ибодов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қарор Қашқадарё вилоятида олиб борилган ўрганишлар якунида қабул қилинган.
Маълум қилинишича, "Ўзбекнефтгаз" бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудуддаги ўрганишларнинг учинчи кунини айнан “Қарши нефть базаси” фаолиятини таҳлил қилишдан бошлаган. Ўрганишлар жараёнида базадаги ҳолат кескин танқид қилинган, жумладан, ҳудуд ва жараёнларни рақамлаштириш орқали талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилган.
Текширувлар давомида нефть базанинг бугунги ҳолати қониқарсиз экани аниқланган. Нефть маҳсулотларини реализация қилишда шаффоф ва самарали тизим йўлга қўйилмагани, бошқарув ҳамда ички назорат механизмларининг сустлиги оқибатида бир қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Натижада “Қарши нефть базаси” 2025 йилни молиявий зарар билан якунлаган.
Шунингдек, нефть маҳсулотлари зичлигини нотўғри қўллаш ҳолатлари аниқланиб, бу истеъмолчилар манфаатларига зарар етказгани таъкидланди. Компания маълумотларига кўра, мазкур базада Бекзод Бобоназаров вақтинчалик директор вазифасини бажариб келган. Эслатиб ўтилишича, аввалроқ "Ўзбекнефтгаз" бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Термиз, Жиззах, Мароқанд ва Кучлик нефть базалари раҳбарларини ҳам лавозимидан озод этган эди.






