АсосийЖамият

2026 йилнинг илк ҳафтаси ўзбекистонликлар учун қандай якунланди?

Саида Мирзиёева илк бор рус тилида катта интервью берди. Россияда ОМОН ўзбекистонлик мигрантни калтаклаб ўлдиргани айтилмоқда. Янги йилнинг илк кунида эса Ўзбекистонда 1100 нафарга яқин чақалоқ дунёга келди.

'2026 йилнинг илк ҳафтаси ўзбекистонликлар учун қандай якунланди?'ning rasmi

Бу 2026 йилнинг дастлабки ҳафтасида қайд этилган энг муҳим воқеалардан бўлди. Янги йил мамлакат ва минтақа ҳаёти учун жиддий ва қарама-қарши кайфиятдаги янгиликлар билан бошланди. Ассалому алайкум, эътиборингизда Даракчи.узънинг янги йилдаги илк ҳафта таҳлили.

Саида Мирзиёева илк бор катта интервью берди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева журналист ва блогер Кирилл Альтман билан рус тилида катта интервью ўтказди. Суҳбат давомида у Президент олиб бораётган ислоҳотлар, администрациянинг устувор вазифалари, экология йўналишида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, шахсий ва оилавий ҳаёти ҳақида фикр билдирди.

Интервью эълон қилинганидан сўнг Мирзиёева ушбу суҳбат очиқ ва самимий руҳда ўтганини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳам қайд этди. Таъкидлашича, саволлар бевосита ва яширин мавзулардан холи бўлган.

Суҳбат жамоатчилик орасида турлича муносабат уйғотди. Айрим фаоллар Президент администрацияси раҳбарининг оммавий ахборот воситалари билан очиқ мулоқотини ижобий баҳолаган бўлса, бошқалар интервью айнан рус тилида эмас, ўзбек тилида берилганини кўришни исташларини билдирди.

Хусусан, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти асосчиси Абдураҳмон Ташанов интервью мазмунига эътибор қаратаркан, унинг тил масаласига ҳам тўхталди.

“Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Кирилл Алтманга берган интервьюси мазмунига чуқурроқ кирилса, у сўнгги йиллардаги сиёсий муҳит ва давлат-жамият муносабатларидаги ўзгаришларни акс эттирувчи муҳим сигнал экани кўринади. Интервью ўзбек тилида ташкил этилганда, таъсири янада кучлироқ бўларди”, — дея ёзди Ташанов.

Россияда ўзбекистонлик мигрант билан боғлиқ ҳолат

Россияда ОМОН ходимлари томонидан ўзбекистонлик мигрант калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига расмий нота юборди.

Тарқалган маълумотларга кўра, воқеа 2025 йил 12 декабрь куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида кафелардан бирида ўтказилган рейд чоғида содир бўлган. Хабарларда бир нечта Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани, улардан икки нафари оғир аҳволга тушгани, кейинчалик эса бир фуқаро вафот этгани айтилади.

ТИВнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг Хабаровскдаги Бош консулхонаси томонидан ҳудудий прокуратура, Тергов бошқармаси ҳамда Россия ТИВнинг ҳудудий ваколатхонасига мурожаат йўлланган. Унда мазкур ҳолатни холис, ҳар томонлама ва қонуний тартибда ўрганиш сўралган.

“Айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги хабарлар ҳам тасдиқланмади”, — дейилади вазирлик ахборотида.

Бу ҳолат хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масаласини яна бир бор долзарб мавзуга айлантирди.

Янги йилнинг илк кунида 1100 га яқин чақалоқ туғилди

2026 йил 1 январь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 1094 нафар чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Туғилган чақалоқларнинг 539 нафари ўғил, 555 нафари қиз болалардир. Энг кўп туғилиш Фарғона вилоятида — 138 нафар бола билан қайд этилган. Кейинги ўринларда Сурхондарё (135), Самарқанд (125), Қашқадарё (121) ва Наманган (110) вилоятлари қайд этилди.

Энг кам туғилиш эса Сирдарё вилоятига тўғри келиб, бу ҳудудда 19 нафар чақалоқ дунёга келган. Шунингдек, туғилганлар орасида 17 та эгизак ҳолати аниқланган бўлиб, жами 37 нафар бола эгизак сифатида туғилган. Байрам кунларига қарамай, республика бўйлаб туғуруқ муассасаларида минглаб тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида фаолият юритмоқда.

Хулоса қилиб айтганда 2026 йилнинг илк ҳафтасидаги воқеалар давлат ва жамият муносабатларини очиб берди. Юқори лавозимли амалдор интервью билан очиқликни кўрсатди, мигрантлар билан боғлиқ ҳолат эса ҳимоя тизимининг самарадорлигини савол остига қўйди. Демографик маълумотлар эса ижтимоий барқарорликни намойиш этди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Хитойда лицензиясиз интервью ва янгиликлар тарқатиш тақиқланади'ning rasmi

    Жамият Бугун 12:12

    Хитойда лицензиясиз интервью ва янгиликлар тарқатиш тақиқланади

    Пекин онлайн ахборот устидан назоратни кучайтирмоқда.

    '2030 йилгача аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш 85 фоизга етказилади'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:54

    2030 йилгача аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш 85 фоизга етказилади

    Ўзбекистонда 2030 йилга қадар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қамровини 85 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.

    'Тўқаев: халқаро низоларда воситачи бўлиш истагим йўқ'ning rasmi

    Жамият Бугун 08:59

    Тўқаев: халқаро низоларда воситачи бўлиш истагим йўқ

    Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳозирги глобал беқарорлик шароитида халқаро низоларда воситачилик қилишни истамаслигини билдирди.

    'Навоийда ичида 47 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетди'ning rasmi

    Жамият Бугун 07:58

    Навоийда ичида 47 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетди

    Ушбу мудҳиш ҳодиса ортидан икки нафар фуқаро ҳалок бўлган.

    'Тоқаев: Мирзиёев ҳам залда шуғулланади, раҳбарлар спортни эътибордан четда қолдирмайди'ning rasmi

    Жамият Бугун 07:31

    Тоқаев: Мирзиёев ҳам залда шуғулланади, раҳбарлар спортни эътибордан четда қолдирмайди

    Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбарлари орасида жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзига эътибор юқори эканини айтди.

    'Россия-Украина урушида қатнашган ўзбекистонлик Бухорода 3,5 йилга қамалди'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:07

    Россия-Украина урушида қатнашган ўзбекистонлик Бухорода 3,5 йилга қамалди

    Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида Украинада ҳарбий операцияларда иштирок этган Бухоро фуқароси Ш.И. Ўзбекистонда 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.