Президент қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда ижтимоий солиқ тушумларини тақсимлаш миқдорлари белгиланди. Қарор “2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Унга кўра, бюджет ташкилотлари бўйича ижтимоий солиқнинг 98 фоизи бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, қолган қисми эса Давлат ижтимоий суғурта, Бандликка кўмаклашиш, Камбағалликни қисқартириш жамғармалари ҳамда Касаба уюшмалари федерациясига йўналтирилади. Бошқа тўловчилар учун эса Пенсия жамғармаси улуши 95,9 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2026 йилдан айрим солиқ турлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми маҳаллий бюджетларда қолдирилади. Жисмоний шахслар даромад солиғи ва фойда солиғи тўлиқ ҳажмда, ҚҚС бўйича эса Қорақалпоғистонда 100 фоиз, қолган ҳудудларда 60 фоиз маҳаллий бюджетга йўналтирилади.






