Бугун, 29 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида етакчилар бир-бирларини яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклаб, икки мамлакатнинг қардош халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади. Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам самимий саломини йўллади.
“Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувлар доирасида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Барча даражалардаги мулоқотлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида ҳамкорлик кенгаймоқда. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси ишга туширилди. Ҳудудлараро, ишбилармонлик, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорликнинг асосий масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Шавкат Мирзиёев Авазада йирик саммитлар, Ашхободда Туркманистон бетарафлигининг 30 йиллиги ҳамда “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” муносабати билан ташкил этилган форум муваффақиятли ўтказилганини алоҳида таъкидлади.
Келгуси йилда бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий тадбирларни биргаликда ўтказишни давом эттиришга келишиб олинди.






