Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Самарқанд вилоятидан Туркияга аёлларни алдов йўли билан юбориб келган трансмиллий жиноий тармоқ фош этилди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аниқланишича, мазкур гуруҳ 2020 йилдан буён аёлларни Истанбул шаҳрига юқори маошли иш ваъдаси билан олиб чиқиб, етиб борганидан сўнг уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олиб қўйган ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
Жиноий тармоқ ташкилотчиси Истанбул шаҳрида яшовчи, Самарқанд вилоятида туғилган 39 ёшли аёл бўлиб, у жабрланувчиларни жойлаштириш масалаларини ҳал қилган, меҳмонхоналар билан келишувлар олиб борган ва умумий жараённи мувофиқлаштириб келган. Унинг Самарқанд шаҳрида яшовчи 37 ёшли шериги эса моддий аҳволи оғир бўлган аёлларни топиш билан шуғулланган.
Маълум қилинишича, воситачи ҳар бир чет элга юборилган жабрланувчи учун 400 АҚШ доллари миқдорида пул олган.
Тезкор тадбирлар давомида гумондорлар пойтахт аэропортида навбатдаги икки нафар аёлни чет элга олиб чиқишга уринган пайтда қўлга олинди. Жабрланувчилар парвоздан олдин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қутқарилди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, жиноий тармоқ фаолиятининг тўлиқ кўлами ҳамда ушбу канал орқали жабрланган барча шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.






