Сурия янги миллий валютани муомалага киритаётганини расман эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки раиси Абдулқодир ал-Ҳасрия маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz нашри маълум қилди.
Марказий банк раҳбарининг таъкидлашича, янги валютанинг жорий этилиши Суриянинг замонавий тарихидаги муҳим миллий воқеа бўлиб, мамлакатда янги иқтисодий ва пул-кредит даври бошланаётганини англатади. У бу ташаббус молиявий мустақилликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий барқарорликка эришиш йўлидаги муҳим қадам эканини қайд этди.
Абдулқодир ал-Ҳасрия ижтимоий тармоқлардаги чиқишида янги валюта озодликдан кейинги даврда қўлга киритилган молиявий мустақиллик рамзи эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янгиланган пул бирлиги Марказий банк томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси бўлиб, мамлакат иқтисодий тикланиш сари йўналганини акс эттиради.
Шунингдек, янги валюта ташқи иқтисодий омилларга қарамликни камайтириш, молия тизимини барқарорлаштириш ва жамоатчилик ишончини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги миллий валютага оид батафсил маълумотлар 2025 йил 28 декабрь куни ўтказиладиган махсус йиғилишда тақдим этилади. Унда банкноталар дизайни, номиналлари ва валютани муомалага киритиш механизмлари расман эълон қилиниши режалаштирилган.
Мутахассислар ушбу қарорни Суриянинг узоқ давом этган инқироздан сўнг иқтисодий тикланиш йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳоламоқда.





