Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси тизимида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларда кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур компаниянинг таркибий тузилмалари ҳамда туманлардаги филиаллари фаолияти билан боғлиқ масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифларни тўғридан-тўғри компания бошқаруви раисига юбориш учун “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Мухторали Қўчқоров табиий газ босими жуда пасайиб кетганлиги, қишнинг совуқ кунларида маҳалла хонадонлари совиб кетаётганини айтиб, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясига мурожаат қилган.
– Юртимизда ташкилотларнинг виртуал қабулхоналари ишга туширилгани биз фуқароларнинг оғирини енгил қилмоқда, – дейди М.Қўчқоров. – Газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ва нуқсонлар энди барҳам топади, деб умид қиламиз. Шикоятим икки кун ичида ўрганилиб, соҳа ходимлари маҳалламиздаги газ трубалари яроқсиз ҳолатда эканлигини аниқлаб, янгисига алмаштирди. Ҳозир «зангори олов» босими меъёрида. Муаммоларимизни ўрганиб, вақтида ҳал этганлари учун мазкур компания ходимларига маҳалламиз номидан ташаккурнома юбордик, дея ёзади ЎзА.
Ана шу мазмундаги ариза-мурожаат Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласидаги Тошлоқ кўчаси, 7-уйда яшовчи Бобур Исмоиловдан ҳам келиб тушган.
– Газ таъминотида мунтазам узилишлар бўлиб турарди, – дейди Б.Исмоилов. – Шу билан бирга газ босими пасайиб кетарди. “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг виртуал қабулхонаси ишга тушганини эшитиб, мазкур муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам сўраб, ариза билан мурожаат қилдим. Уч кун ичида соҳа ходимлари келиб, муаммонинг ечимини топди. Аҳоли томонидан кўплаб қўлбола газ ускуналари ўрнатилгани, ноқонуний газ таъминотидан фойдаланаётган шахсларнинг ножўя ҳатти-ҳаракатлари сабабли айрим фуқаролар жабрланаётгани ошкор бўлди. Муаммолар жойида ҳал этилди.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг виртуал қабулхонаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини тубдан ислоҳ этиш, мурожаатлар билан ишлаш сифатини яхшилаш, самарадорлигини оширишда айни муддао бўлди. www.uztg.uz виртуал қабулхонаси, +99871 150-31-14 рақамли “ишонч телефони” ва компания электрон почта манзилига мурожаат қилиш ва кўтарилган саволларга жавоб олиш имконияти яратилди.





