Тожикистон ҳукумати Россияда мактабда фожиали тарзда ҳалок бўлган 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг онаси Нилуфар Сафоевани уй билан таъминлади. Бу ҳақда боланинг қариндошлари 22 декабрь куни журналистларга маълум қилди.
Қариндошлардан бири Шерзод Ализоданинг айтишича, уй мамлакат ҳукумати номидан берилган, бироқ уни тақдим этган аниқ давлат органи очиқланмаган. Шунингдек, Asia-Plus нашрига маълумот берган манбага кўра, 22 декабрь куни эрталаб қатор юқори мартабали амалдорлар Алиевлар оиласи хонадонига ташриф буюриб, ҳамдардлик билдирган.
Оила аъзолари жамоатчиликка мурожаат қилиб, ҳозирда пул йиғишга эҳтиёж йўқлигини, Қобилжоннинг онаси номига очилган банк ҳисоб рақами ёпилганини билдирган. Улар фуқаролардан турли ҳисоб рақамларига маблағ ўтказмасликни сўраган.
Айни пайтда Қобилжоннинг жасади олиб чиқилган уй олди одамлар билан гавжум бўлиб, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар оилага ҳамдардлик билдиришда давом этмоқда.






