Машҳур видеоўйинлар ишлаб чиқарувчиси, Call of Duty серияси муаллифларидан бири Винс Зампелла Калифорнияда содир бўлган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисасида вафот этди.
The Guardian’нинг хабар беришича, 55 ёшли Винс Зампелла 21 декабрь куни Калифорния штатининг Сан-Габриэль тоғларида юз берган авария қурбони бўлган. У бошқарган қизил Ferrari юқори тезликда туннелдан чиқиб, бетон тўсиққа урилиб, ёнган. Автомобилда бўлган йўловчи ҳам кейинчалик шифохонада вафот этган.
Зампелла видеоўйинлар саноатидаги таниқли шахслардан бири бўлиб, у Respawn Entertainment раҳбари ва Infinity Ward студиясининг ҳаммуассиси ҳисобланган. Айнан шу студияда дунёда энг кўп сотилган Call of Duty ўйинлар серияси яратилган. Шунингдек, у Medal of Honor ва Titanfall каби машҳур лойиҳаларда ҳам иштирок этган.
Винс Зампелла 1990-йилларнинг ўрталарида фаолиятини бошлаб, кейинчалик EA Games компаниясида Battlefield ҳарбий ўйинлар серияси раҳбари сифатида ишлаган. Унинг ўйин индустриясига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланиб, Call of Duty ўйинлари бугунга келиб жаҳон бўйлаб 500 миллиондан ортиқ нусхада сотилган.
EA компанияси баёнотида Зампелланинг видеоўйинлар саноатига таъсири улкан экани, унинг ижоди миллионлаб ўйинчилар ва дастурчиларни илҳомлантиргани таъкидланган.






