Али Хоминаийнинг ўғли Мўжтаба Эроннинг янги олий раҳбари этиб сайланди, деб хабар берди ДW манбалари. Уларнинг айтишича, бу қарор Ислам инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) босими остида қабул қилинган. Расман бу маълумотлар тасдиқланмаган.
Ўлдирилган Али Хоминаийнинг ўғли Мўжтаба олий раҳбар этиб сайланди. Бундай қарорни шиа руҳонийларининг юқори қатламининг 88 нафар вакилидан иборат кенгаш қабул қилди, деб хабар берди Ислом Республикасидаги ДW манбалари.
Ҳозирча Эрон расмийлари ва ОАВ бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ. ДW манбаларининг маълум қилишича, Мўжтаба Хоминаийни сайлаш ҳақидаги қарор ИИМК босими остида қабул қилинган.
Али Хоминаий ҳалок бўлганидан кейин Эронни вақтинча уч кишидан иборат кенгаш бошқармоқда: президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний ва Конститутсияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоси Алиризо Арофий.
Али Хоминаий 1989-йилдан буён Эронни бошқариб келган эди. У Ислом Республикасига қарши 28-февраль куни бошланган Исроил ва АҚШ ҳарбий оператсияси пайтида ҳалок бўлган.
Мамлакатнинг энг юқори лавозими ҳисобланган олий раҳбарни Эронда “Экспертлар кенгаши” деб аталадиган орган аъзолари тайинлайди. Бу давлат органи ислом ҳуқуқи соҳасида мутахассис деб ҳисобланадиган 88 кишидан иборат. У Эрон фуқаролари томонидан ҳар саккиз йилда бир марта сайланади. Охирги сайловлар 2024-йилда ўтган.
Исроил ва АҚШ 28-февраль куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирди.
Эрон давлат ОАВ 3-март куни билдиришича, зарбалар натижасида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлган. Эрон бунга жавобан Исроилга ва Форс кўрфазидаги бир неча давлатга зарбалар берган — у ерда ҳам ҳалок бўлганлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уришмаяпмиз, деб таъкидламоқда ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини айтмоқда.






