Токиода президент Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Санае Такаичининг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Бунда давлатлараро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган Ўзбекистон – Япония стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Япония Бош вазири давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифини ҳар доимгидек юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Япония муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа деб атаган.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 33-йил давомида Япония Ўзбекистоннинг яқин дўсти, асосий технологик ва инвестициявий шериги бўлиб, республикада замонавий саноат ва энергетика инфратузилмасини яратиш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани билдирилди.
Товар айирбошлаш, инвестициялар ҳажми ва Япония сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар сонининг барқарор ўсаётгани қайд этилди.
“Энергетика, геология, туризм, инфратузилмани ривожлантириш, АТ ва бошқа устувор соҳаларда муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келаётган “Сожитз”, “Тоёта Тсушо”, “Сумитомо”, “Иточу”, “Кёто Плаза”, “Балcом”, “Шикоку Элеcтриc” каби етакчи япон компаниялари Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда”, дейилади хабарда.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик банки билан қўшма лойиҳалар портфели энергетика, нефт-кимё, транспорт, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олган.
Музокараларда парламентлардаги “дўстлик гуруҳлари”, иқтисодий ҳамкорлик қўмиталари, устувор йўналишлар бўйича тармоқ учрашувлари ва бошқа ҳамкорлик шаклларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Япония билан стратегик шерикликни ривожлантиришнинг бир қатор асосий йўналишларини қайд этган.“Яшил” энергетика ва саноатда углерод чиқаришни камайтириш, ахборот технологиялари, ўта муҳим минераллар, машинасозлик соҳасидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш шулар жумласидан.
Мазкур саммитга тайёргарлик доирасида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган кооперация лойиҳаларининг янги портфели шакллантирилгани қайд этилди. Шунингдек, ушбу лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма инвестиция платформасини яратиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида Япония модели ва стандартларига асосланган махсус иқтисодий зонани барпо этиш режалари эълон қилинган.
Япониялик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган “Бир қишлоқ – битта маҳсулот” дастурининг кўламини кенгайтириш таклифи ҳам қўллаб-қувватланди.
Шу билан бирга, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш имкониятлари ва йўллари, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Келгуси йили Самарқандда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаси анъанавий равишда ушбу кўп қиррали муносабатларнинг муҳим қисмидир.
Ёшларга келгусида тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириши учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашига кенг имкониятлар тақдим этаётган Ўзбекистон – Япония Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистондаги 7 та олий таълим муассасасида япон тили ўқитилмоқда. Токио чет тиллар университетида мана 10 йилдан буён ўзбек тили ўрганилмоқда.
Ректорлар форуми кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашув бўлиб ўтгани, ҳамкорлик дастурлари, илмий ва инновацион алмашинувларни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилгани маълум қилинди.






