АсосийЖамият

Ўзбекистонда Паралимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади

2026 йилдан Ўзбекистонда Паралимпия терма жамоалари маркази фаолият бошлайди.

'Ўзбекистонда Паралимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади'ning rasmi

Президент матбуот хизмати хабар қилишича, Паралимпия терма жамоалари маркази Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Олимпия шаҳарчаси ҳудудида ташкил этилади.

Марказ фаолияти паралимпия спорт турлари бўйича иқтидорли спортчиларни саралаш, терма жамоаларни шакллантириш ва уларни пухта тайёрлашга йўналтирилади.

Қайд этилишича, марказ директори лавозимига кўра Миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари ҳисобланади. Марказнинг бошқарув ходимлари сони 17 нафар этиб белгиланган.

2026 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан Олимпия шаҳарчаси ҳудудида паралимпия терма жамоалари учун ётоқхона, ошхона ва маъмурий хоналарни ўз ичига олган замонавий бинолар барпо этилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларни шакллантиришнинг янги тартиби жорий этилади. Унга кўра, спортчиларнинг мусобақа натижалари билан бир қаторда спорт нормативларини бажариши ҳам инобатга олинади. “ERP-sport” электрон тизими орқали спортчиларнинг натижалари мониторинг қилиб борилади.

Маълумот учун, 2025 йилги Ёшлар Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган.

    Бошқа янгиликлар