Бугун, 13 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “Авиасозлар” бозорида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 01:30 да туманнинг Бешариқ кўчасида жойлашган “Авиасозлар” бозори ҳудудидаги маъмурий бинода ёнғин содир бўлгани тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, қутқарув экипажлари соат 01:34 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин 02:29 да қуршаб олинган ҳамда 03:03 да ўчирилган.
Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар тўғрисида хабар тушмаган, дейилади хабарда.
Бошқарма ёнғин ортидан қанча ҳудуд ёниб кетгани ва етказилган зарар ҳақида маълумот тақдим этмаган.
Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар бозор бутунлай ёниб кул бўлганини айтмоқда.






