АсосийЖамият

Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ва аграр соҳани субсидиялаш бўйича янги режалар муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштириш, шунингдек, аграр соҳада субсидияларни ажратишнинг янги механизмларига бағишланган тақдимот билан танишди.

'Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ва аграр соҳани субсидиялаш бўйича янги режалар муҳокама қилинди'ning rasmi

Учрашув бошида жорий йилда соҳага йўналтирилган молиявий ресурслар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумот берилди. Йил давомида пахта ва ғалла етиштириш, техникалар хариди ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун жами 29 триллион сўм ажратилгани, бундан ташқари 2,35 триллион сўмлик субсидия берилгани қайд этилди.

Ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирган хўжаликларга 10 фоизлик субсидия берилиши натижасида 3 430 фермер 151 минг гектар майдонда ишлаган ва 1,9 триллион сўм маблағ тежаган. Шунингдек, кредитларини муддатидан олдин қайтарган фермерларга фоизнинг бир қисми компенсация қилингани туфайли 9 002 фермер жами 2,5 триллион сўм кредитни олдиндан ёпган.

Келгуси йилда соҳага 34,2 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиниб, 800 та пахта териш машинаси харид қилиш таклифи билдирилди. Агротехник тадбирлар, жумладан, плёнка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 триллион сўм ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Янги тизимда кредитлар “фермер интизоми”га қараб белгиланиши таклиф қилинди: молиявий интизоми юқори хўжаликларга фоиз ставкаси пасайтирилган ҳолда берилиши, шундан келиб чиқиб, кредит юкининг енгиллашиши кўзда тутилган. Ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга ҳам маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия бериш режалаштирилмоқда.

Президент таъкидлаганидек, фермерларнинг ишончи ва манфаатдорлигини кучайтириш аграр соҳанинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис, қўллаб-қувватлаш механизмлари босқичма-босқич кенгайтирилади.

22 ноябрдаги Фармонга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилган. Бугунги тақдимотда агентлик фаолияти, субсидия ажратиш жараёнини соддалаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш бўйича режалар муҳокама қилинди.

Ҳозирда берилаётган 52 турдаги субсидия янги тизимда қисқартирилади, инсон омили камайтирилади ва барча жараёнлар “Агропортал” орқали бошқарилади. “Агросубсидия” ахборот тизими бир нечта идоралар маълумотлари билан интеграция қилинади. 2026 йилда 1,3 триллион сўмлик субсидия давлат идоралари томонидан проактив тартибда — талабгор аризасиз берилиши ҳам кўзда тутилган.

Президент молиялаштириш жараёнларини такомиллаштириш, субсидия ажратиш муддатларини қисқартириш ва барча босқичларни тўлиқ рақамлаштириш вазифасини мутасаддиларга топширди.

    Бошқа янгиликлар