Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тегишли буйруғига кўра, олий, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар талаба ва ўқувчиларининг қишки таътил муддати белгиланди. Унга мувофиқ, жорий ўқув йилида қишки таътил 2025 йил 28 декабрдан бошланиб, 2026 йил 10 январига қадар давом этади.
Таътил даврида талаба ва ўқувчиларнинг ўз яшаш ҳудудларига қайтишларини қулайлаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Uzbekistan Airways” АЖ билан ҳамкорликда қўшимча шароитлар яратилади. Бу орқали турли ҳудудлар ўртасидаги қатновларни оптималлаштириш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан, 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январига қадар талаба ва ўқувчилар учун йўл чипталари 50 фоиз чегирма асосида сотилади. Чегирма темир йўл ва авиақатновларнинг белгиланган йўналишларида амал қилади.
Расмийларга кўра, бу чора талаба-ёшларнинг таътилни оила даврасида ўтказиши, қайтиш жараёнида тирбандликларни камайтириш ва транспорт тизимида қулайлик яратишга хизмат қилади.






