Ҳаво ҳарорати пасайиши ва атмосфера босимининг кўтарилиши туфайли 29 ноябрдан бошлаб совуқ антитсиклон таъсири кучайган. Натижада тонгги туманлар кўпайган, ҳаводаги чанг ва майда заррачалар эса юқорига кўтарилмай, паст қатламларда тўпланиб қолаётгани қайд этилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу табиий метеорологик жараён бўлиб, ҳавонинг тез тозаланишига тўсқинлик қилади.
Шу билан бирга, атмосферага таъсир кўрсатадиган омилларни камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар давом этмоқда. 24–28 ноябрь кунлари ўтказилган рейдлар давомида 1 400 дан ортиқ иссиқхона ўрганилиб, уларнинг 67 таси фаолияти тўхтатилди, 400 нафарга яқин шахсга жарима қўлланди. Тошкентда 53 та ноқонуний қурилиш аниқланиб, 34 таси вақтинча тўхтатилди, 186 та ифлосланиш ҳолати бўйича чоралар кўрилди.
Транспорт йўналишида очиқ юк ташиган 837 нафар ҳайдовчи ва меъёрдан ортиқ зарар етказган 206 ҳайдовчи жаримага тортилди. Шаҳар бўйлаб 77 та кўча ва 165 та жамоат жойи намлантирилди, ариқлар тозаланди, фавворалар ишга туширилди.
Ушбу чоралар натижасида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланган: ПМ2.5 кўрсаткичлари 24 ноябрдаги 171 мкг/м³ дан 28 ноябрга келиб 97 мкг/м³ гача пасайган. Бироқ совуқ антитсиклон таъсири давом этаётганлиги туфайли инверсия ҳодисаси яна кучайиб, заррачаларнинг ҳавода муаллақ қолиши кузатилмоқда.
Мутасаддилар қисқа муддатли чоралар билан бирга, барқарор ечимлар устида ҳам ишлаётганини, кучайтирилган рейдлар эса туну кун давом этаётганини маълум қилди.






