Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов кўргазма очилиш вақтида ўлдирилди. Махсус операция чоғида ўлдирилган қотилнинг исми Мевлют Мерт Алтинташ бўлиб, у икки ярим йил давомида полицияда ишлаган.
Россия Президенти Владимир Путин бу ҳунрезликни икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни йўқ қилишга ҳамда Суриядаги вазиятни тартибга солишга қаратилган чораларни йўққа чиқариш мақсадида амалга оширилган “қабиҳ қотиллик” деб атади.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қотил кўргазмага жуда расмий кўринишда ташриф буюргани сабабли уни элчининг қўриқчиси сифатида қабул қилишган.
РИА Новостига гувоҳларнинг айтишича, Карлов нутқ сўзлаётганда унинг орқасида “Аллоҳу акбар!” деган ҳайқириқ эштилган ҳамда отишма бошланган. NTV телеканалининг хабар беришича, қотил йиғилганларни тарқалишга чақириб, ётган элчини олдига бориб, яна бир неча бор ўқ узди.
Қотилни воқеа жойига етиб келган полициячилар йўқ қилишди. Ҳодиса оқибатида яна уч киши жабрланди.





