Кеча кечқурун Берлинда рўй берган фожиа теракт, деб тан олинди, дея хабар берди “Ntv.ru” нашри.
Шаҳар марказидаги рождество арчаси ёнида бўлаётган ярмаркадаги оломонни юк машинаси босиб кетди. Маълумотларга кўра, 12 киши ҳалок бўлган, 50 нафар одам яраланган.
Воқеа машҳур Курфюрстендамм кўчасининг оломон гавжум қисмида, кайзер Вильгелм черкови майдонида рўй берди. Оломон устига юк машинасини ҳайдаган ҳайдовчи ўзи машинадан сакраб қочишга ҳаракат қилди, аммо полиция уни тутишга муваффақ бўлди.
Юк машинаси кабинасида бўлган яна бир одам олган тан жароҳати туфайли ҳалок бўлди. Мутахассислар Берлин воқеаси Ницца фожиаси сценарийси асосида юз берганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ницца шаҳрида байрамни нишонлаётган оломонни юк машинаси босиб, 86 киши ҳалок бўлган, 300 нафар одам яраланган эди.





