АсосийЖамият

Ўзбекистон экологияси учун GEF 6,1 млн доллар ажратади

Шунингдек, ушбу ташкилот Марказий Осиё экотизими бўйича лойиҳани қиймати 18,4 миллион доллар билан молиялаштиради.

'Ўзбекистон экологияси учун GEF 6,1 млн доллар ажратади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ИУCН) билан ҳамкорликда "GEF-8" доирасида “Ўзбекистонда қимматли ландшафтларни комплекс бошқариш ва тиклаш (ЭcоЛанд)” лойиҳасини ишга туширмоқда. Лойиҳа Глобал экологик фонд (GEF) томонидан молиялаштирилади.

"CИТЕС CoP20" Конференцияси доирасида грант шартномасини имзолаш ва лойиҳа тақдимоти маросими бўлиб ўтди.

Умумий қиймати 6,1 млн АҚШ долларини ташкил этувчи "EcoLand" лойиҳаси Ўзбекистондаги учта асосий кластер ландшафтларда экотизимларни тиклаш ва сақлаш бўйича инновацион комплекс ёндашувларни кенгайтиришга қаратилган.

Лойиҳа мамлакатнинг энг қимматли ва хилма-хил табиий ландшафтларини ифодаловчи олти вилоятнинг ўнта пилот тумани: Тошкент вилояти (Паркент ва Оҳангарон туманлари), Сурхондарё вилояти (Бойсун ва Шеробод туманлари), Қашқадарё вилояти (Деҳқонобод тумани), Навоий вилояти (Хатирчи ва Нурота туманлари), Самарқанд вилояти (Қўшработ ва Паяриқ туманлари), Жиззах вилояти (Фориш тумани) амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги” (CAWLN) дастури доирасида Марказий Осиёда умумий қиймати 18,4 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳалар амалга оширилади. CAWLN дастури Марказий Осиё давлатлари — Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон дуч келаётган умумий экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

”Ушбу дастур ҳақида: Марказий Осиё — Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Панж ва Норин каби йирик дарё ҳавзаларини, шунингдек, тоғ-дашт ҳудудлар, яйлов экотизимлари, чўл ва ярим чўл ландшафтларини ўз ичига олган экологик жиҳатдан ноёб минтақа. Бироқ ресурсларга бўлган талабнинг ортиши, аҳолининг кўпайиши, ерларнинг деградацияси, сув танқислигининг кучайиши ва тезлашаётган иқлим ўзгариши экологик барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда. Бугунги кунда минтақа ерларининг қарийб ярми деградацияга учраган, иқтисодий зарар эса йилига 6 миллиард АҚШ долларигача етмоқда. Сув ресурсларининг чекланганлиги қишлоқ хўжалиги, энергетика, ичимлик суви таъминоти ва экотизимларнинг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади.

Шундай мураккаб шароитда CAWLN дастури илмий, интеграциялашган ва минтақавий ёндашув асосида Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш, экотизимларни тиклаш ва иқлим таъсирига чидамлиликни оширишга қаратилган. GEF томонидан молиялаштирилаётган етти йирик лойиҳани бирлаштирган ушбу дастурда Ўзбекистон тўртта асосий ташаббусни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Биринчи лойиҳа — Амударё, Зарафшон ва Панж ҳавзаларида интеграциялашган сув ресурслари бошқарувини кучайтиришга қаратилган бўлиб, унинг қиймати 5,84 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа барқарор сув бошқаруви тамойилларини жорий этиш, мониторинг ва маълумот алмашинувини модернизация қилиш, экологик оқимларни сақлаш ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашни кўзда тутади.  

Иккинчи лойиҳа — Сирдарё ва Норин ҳавзаларида сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштиришга бағишланган бўлиб, 5 миллион АҚШ доллари ажратилган. Лойиҳа сув тақсимоти самарадорлигини ошириш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, сув сифати мониторингини янгилаш ҳамда давлатлараро мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган.

Учинчи лойиҳа — Ўзбекистонда ер ва сувни интеграциялашган бошқарув асосида экотизим хизматлари ва биохилма-хилликни қўллаб-қувватлаш лойиҳасидир. Унинг умумий қиймати 5,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа деградацияга учраган ерларни тиклаш, агроэкологик ёндашувларни илгари суриш, ноёб ўсимлик турларини ва агро-биохилмахилликни сақлаш, экотизим хизматларини мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишни ўз ичига олади.

Тўртинчи лойиҳа — Марказий Осиёдаги заиф экотизимларда ер деградациясини камайтиришга қаратилган минтақавий ташаббус бўлиб, қиймати 2 миллион АҚШ долларидир. Лойиҳа юқори чўлланиш хавфи бўлган ҳудудларда ерларни тиклаш, барқарор ер ресурслари бошқарувини жорий этиш, мониторингни кучайтириш ва маҳаллий жамоаларнинг иқлимга мослашувчанлигини оширишни назарда тутади.” - деб маълумот бермоқда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларига актсиз солиғи ЖСТ талаблари асосида бирхиллаштирилади'ning rasmi

    Жамият Бугун 15:12

    Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларига актсиз солиғи ЖСТ талаблари асосида бирхиллаштирилади

    2027 йил 1 январгача алкоголь маҳсулотларига қўлланиладиган актсиз ставкалари босқичма-босқич тенглаштирилади.

    'Наманганда Onix уриб кетиши оқибатида яна бир ЙПХ ходими ҳалок бўлгани айтилмоқда'ning rasmi

    Жамият Бугун 14:05

    Наманганда Onix уриб кетиши оқибатида яна бир ЙПХ ходими ҳалок бўлгани айтилмоқда

    Наманган вилоятига даволаниш учун борган навоийлик ЙПХ ходими ЙТҲ оқибатида вафот этди.

    'Ўзбекистонда “Шажара” ахборот тизими йўлга қўйилади'ning rasmi

    Жамият Бугун 12:42

    Ўзбекистонда “Шажара” ахборот тизими йўлга қўйилади

    2026 йил 1 сентябрдан фуқаролар ўз оила шажарасини онлайн тарзда кўриши мумкин бўлади.

    'Тошкентда маст ҳайдовчи тунги тинчликни бузди'ning rasmi

    Жамият Бугун 12:10

    Тошкентда маст ҳайдовчи тунги тинчликни бузди

    Миробод туманида Malibu ҳайдовчиси маст ҳолда фуқароларни ҳақорат қилган.

    'Хорижий ва нодавлат ОТМлардаги бўш грант ўринлари учун қўшимча танлов эълон қилинди'ning rasmi

    Жамият Бугун 10:16

    Хорижий ва нодавлат ОТМлардаги бўш грант ўринлари учун қўшимча танлов эълон қилинди

    Рўйхатдан ўтган талабгорлар учун тест синовлари 11 декабрга қадар ўтказилади.

    'Мирзиёевнинг Самарқандга бўлган ташрифи якунланди'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:44

    Мирзиёевнинг Самарқандга бўлган ташрифи якунланди

    Хўш, Ўзбекистон етакчи вилоятда нималар билан танишди?