Ижтимоий тармоқларда Тошкентда Malibu ҳайдовчиси маст ҳолда автомашина бошқариб, одамларни сўкаётгани акс этган видео тарқалди.
Хабарларда унинг ички ишлар ходимларига ҳам бўйсунилмагани, ҳатто юқори лавозимдаги танишлари орқали жавобгарликдан қутулишга урингани айтилган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан изоҳ бериб, воқеа Миробод тумани, Чимкент кўчасида содир бўлганини маълум қилди.
Маст ҳолатдаги фуқаро А.А. жамоат жойида фуқароларнинг тинчлигини бузгани “Патрики” ошхонаси ишчилари томонидан ИИВнинг “ташвиш тугмаси” орқали хабар қилинган.
Соат 23:10 да етиб келган туман Қўриқлаш бўлими ходимлари унга нисбатан чора кўрмоқчи бўлганида ҳайдовчи қонуний талабларни бажармасдан қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг унга нисбатан жисмоний куч қўлланиб, у зарарсизлантирилган ва туман ИИБга олиб кетилган.
Ҳозирда Миробод тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 183 ва 194-моддалари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш судга юборилган.






