Сурхондарё вилояти, Сариосиё туман ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Қ.нинг жиноят иши бўйича ҳукм эълон қилинди. Суд материалларига кўра, у танишлари орқали бир фуқаронинг боғчага ишга кириш масаласини “ҳал қилиб бериш”ни айтиб, воситачи ёрдамида 500 доллар олган. Пулни эса хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани қайд этилган.
Суд жараёнида А.Қ. айбловни рад этиб, маблағни қарз сифатида олганини билдирган. Аммо суд гувоҳларнинг ўзгариб қолган кўрсатмаларини ишончсиз деб топди ва тергов маълумотларидаги далилларни асос қилиб олди.
Натижада А.Қ. ЖКнинг фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш билан боғлиқ моддаларида айбли деб топилиб, 2 йил 1 ой мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 3 йил 1 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ишга алоқадор 500 доллар эса давлат даромадига ўтказилади.






