Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, мамлакатнинг икки ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида тақиқланган моддаларнинг умумий 30 килога яқин қисми мусодара қилинган.
Тошкентда 1978 ва 1973 йилда туғилган икки эркак яширин жойдан 19 кг 80 грамм гиёҳвандлик воситасини олишга уринган пайтда қўлга олинган. Тергов маълумотларига қараганда, яширин жойлар координаталари уларга уюшган гуруҳ аъзолари орқали етказиб берилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми бўйича иш қўзғатилган.
13 ноябрь куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида 1995 ва 1993 йилда туғилган икки эркак курьерлик вазифасини бажарган ҳолда 10 килограмм гашиш олишга ҳаракат қилгани учун ушланган. Тергов маълумотларига кўра, улар жиноий гуруҳ раҳбарларининг кўрсатмаси асосида иш юритган, хатчўп қўйилган жойларнинг геолокацияси олдиндан берилган. Гуруҳ ташкилотчиларидан бири — 2001 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган, иккинчиси эса Қирғизистонда ҳибсга олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчилар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.






