Владимир Путин “Сунъий интеллект оламига саёҳат” конференциясида инсон умри тарих давомида қанчалик ўзгарганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бир пайтлар одамлар 20–35 йил яшаган бўлса, кейинчалик айрим мамлакатларда ўртача ёш 35, 45 ва 50 йилгача ошган. Бугунги кунда эса бир қатор давлатларда бу кўрсаткич 80 ёшга етган.
Путин Россия ҳам ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш бўйича аниқ мақсадлар қўйганини айтди. “Балким, 150 йилга ҳам етказиш мумкиндир. Лекин бу ҳамиша кам бўлади, худди пул каби”, — деди у.
Унинг фикрича, асосий масала неча йил яшаш эмас, балки “қандай ва қандай мақсадда яшаш” ҳисобланади. Бу саволларга эса анъанавий қадриятлар жавоб бериши мумкинлигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил сентябрь ойида Пекиндаги тадбир олдидан Путин ва Хитой раиси Си Жинпин технологиялар ёрдамида умр давомийлигини узайтириш имкониятларини муҳокама қилган эди. Си прогнозига кўра, бу асрда 150 ёшгача яшаш эҳтимоли мавжуд.
Путин ҳозир 72 ёшда. 2020 йилда Конституцияга киритилган ўзгартишлар туфайли у 2036 йилгача президентликда қолиши мумкин.






