Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестридан чиқарилиши, уларни тўлиқ давлат қўллаб-қувватлаши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда келгуси йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳаси йўлга қўйилиши айтилди. Унга кўра, ногиронлиги бўлган 40 минг нафар шахсни иш билан таъминлаш, уларга Бандлик жамғармаси орқали 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш режалаштирилмоқда.
Камбағалликка қайтиш хавфи бўлган оилалар ижтимоий ёрдамлардан махрум этилмайди. Уларга 6 ой давомида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланади, шунингдек боғча, тўгарак харажатлари ҳамда даволаниш ордери каби 110 турдаги хизматдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
Шу билан бирга, оғир ҳаётий вазият туфайли камбағалликка тушиши мумкин бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, манзилли ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.
Ушбу вазифалар ижроси ҳамда ҳудудларда унинг самарадорлигини таъминлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага юклатилди.






