Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистлар билан суҳбатда “Биз Тўқаевдан ҳеч қандай сигнал олганимиз йўқ. У Путинга ҳеч қандай хабар юбормаган”, — деб баёнот берди.
Маълумки, Қозоғистон президенти 11 ноябрь куни Москвага ташриф буюриб, Путин билан икки соатлик норасмий суҳбат ўтказган, 12 ноябрда эса расмий музокаралар давом этган.
Сафар якунларига кўра, икки давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни “стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик” даражасига кўтариш ҳақида декларация имзолаган.
Тўқаев бу ҳужжатни “ишонч ва ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берувчи қадам” деб атаган. Сафар олдидан эса у АҚШда Доналд Трамп билан учрашиб, икки мамлакат ўртасида 17 миллиард долларлик инвестиция келишувларига гувоҳ бўлган.
Шу боис Тўқаевнинг кутилмаган Москва сафари баъзи таҳлилчилар томонидан Трамп билан учрашувдан сўнг геосиёсий “хабар етказиш” сифатида талқин қилинган эди. Аммо Кремль бу иддаоларни рад этди.






