АсосийДунё

Грузия учун Европа эшиклари ёпилди

Европа Иттифоқи Грузиянинг аъзолик йўлида сезиларли натижаларга эришмаганини билдирди.

'Грузия учун Европа эшиклари ёпилди'ning rasmi

4 ноябрь куни Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос Европарламентда ЕИнинг кенгайиш ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Унда Грузия фақат “расмий номзод” мақомида қолаётгани, бироқ амалда аъзолик сари жиддий силжиш кузатилмагани таъкидланди.

Ҳисоботда мамлакатда демократиянинг орқага кетаётгани, қонун устуворлигининг заифлашаётгани ва фуқаролик эркинликларининг чекланаётгани қайд этилган. Еврокомиссия Грузия ҳукуматини мустақил ОАВ фаолиятига босим ўтказиш, фуқаролик жамиятини торайтирувчи қонунлар қабул қилиш ҳамда куч ишлатувчи органлар томонидан ҳаддан ташқари зўравонликда айблади.

“Ҳукумат йўналишни ўзгартириш учун ҳеч қандай чоралар кўрмади. Мухолифат етакчиларининг қамоққа олиниши ва партияларни тақиқлаш ташаббуси – демократик плюрализмга тўғридан-тўғри ҳужум”, — дейилади ҳужжатда.

Грузия ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили ҳисоботни “бир томонлама” деб баҳолаб, унда мамлакатнинг ижобий ютуқлари етарлича акс этмаганини айтди.

    Бошқа янгиликлар