Хитойнинг XPeng электромобиль ишлаб чиқарувчиси учувчи автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, деб хабар беради “Синхуа”. Ишлаб чиқариш жараёни жанубий Хитойдаги дунёдаги илк ақлли заводда амалга оширилмоқда.
Корхона “Land Aircraft Carrier” деб номланган модулли автомобиль учун ажратиб олинадиган электр учиш аппаратини ишлаб чиқарган. Завод дастлаб йилига 5 минг дона, тўлиқ қувватда эса 10 мингта авиация модулини ишлаб чиқариш имкониятига эга. Тўлиқ ишга тушгач, ҳар 30 дақиқада битта учар аппарат йиғилиши мумкин.
XPeng компанияси тақдимотдан буён қарийб 5 мингта буюртма қабул қилган. Учар автомобилларни кенг миқёсда етказиб бериш 2026 йилда бошланиши режалаштирилган.
Транспорт воситаси олти ғилдиракли автомобиль ва ундан ажралувчи вертикал учиш-қўниш аппаратидан иборат. У автоматик ва қўлда бошқариш режимларига эга бўлиб, ақлли йўналишни танлай олади ҳамда бир тугма орқали учиш ва қўнишни амалга оширади. Узунлиги 5,5 метр бўлган бу автомобиль одатий йўлларда ҳаракатлана олади ва стандарт автотураргоҳларга сиғади.






