Бугун, 28 октябрь куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Японияга ташрифи чоғида Ёкосука ҳарбий-денгиз базасида жойлашган USS George Washington атом авианосецида хизмат қилаётган ҳарбийлар олдида рақсга тушди. Оқ уй Трампнинг авианосецдаги нутқини жонли эфирда намойиш этди.
АҚШ Президенти ҳарбийлар олдида нутқ сўзлаган ва якунда ўзига хос услубдаги рақсни ижро этган. Классик костюм ва USA ёзуви туширилган оқ кепкада бўлган Трамп мусиқа оҳангига мос равишда ҳавода муштларини силкиб, белини қимирлатиб, аудиторияга миннатдорлик билдирган.
Рақс бошланиши билан ҳарбийлар қувонч билан қичқириб юборган, кўпчилик уни телефонларига видеога олган, баъзилари эса Трамп билан бирга ритмга мос равишда қўлларини ҳаракатлантириб унга қўшилган.
Трамп Village People гуруҳининг машҳур Y.M.C.A. қўшиғи остида рақсга тушган. У бу қўшиқни 2024 йилги сайловолди кампанияси даврида ҳам тез-тез қўллаган ва ўтган йил ноябрь ойида сайловдаги ғалабасидан кейинги чиқишини ҳам айнан шу қўшиқ билан якунлаган эди.






