Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги боғчалардан бирида тарбиячи болалардан дадасининг ҳиди қанақа эканини сўрагани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат Фурқат туманидаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тайёрлов гуруҳи тарбиячиси С.О. томонидан ўқув дастурларида белгилаб қўйилмаган тартибда оғзаки сўровнома ўтказилгани билан боғлиқ. Ушбу сўровнома видеоси тайёрлов гуруҳининг ота-оналар учун мўлжалланган Телеграм-гуруҳига юборилган.
Ўрганиш жараёнида тарбиячи С.О. билан суҳбат ўтказилиб, у мазкур сўровномани мустақил равишда, оқибатларини ўйлаб кўрмасдан ўтказганини ва видеолавҳани ота-оналар гуруҳига жойлаштирганини афсус билан маълум қилган.
Шунингдек, ўрганиш давомида тарбиячи С.О. нинг иш фаолияти ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 29 августдаги 323-сонли “Мактабгача таълим ташкилоти ва педагогларининг иш ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи асосида юритилиши лозим бўлган иш ҳужжатлари тўлиқ текширилган.
Натижада унинг иш ҳужжатларида айрим камчиликлар аниқланиб, ўқув жараёнларига мос келмаган сўровномалар ўтказилгани юзасидан тушунтириш хати олинган. Тарбиячи С.О. га қонунларда белгиланган тартибда “ҳайфсан” интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.






