Жорий йилнинг 15 октябрь куни Лебап вилоятининг Туркманобод шаҳрида хавфсизлик кучлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов кортежи сабаб йўлларни тўсиб қўйгани ортидан етти ойлик ҳомиладор аёл шифохонага киролмай вафот этди. Бу ҳақда “24.кг” хабар берди.
Маълум қилинишича, ўша куни Бердимуҳамедов Туркманободдаги Сапармурод Ниёзов номидаги кимё заводида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуасининг пойдеворини қўйиш маросимида иштирок этган. Шу муносабат билан шаҳардаги кўча ва йўллар ёпилган, хавфсизлик ва милитсия ходимлари бир неча соат давомида транспорт ва пиёдалар ҳаракатини чеклаган.
Аёлнинг эри уни шифохонага олиб кетаётган эди, бироқ уларни йўлда хавфсизлик кучлари тўхтатиб, ўтишга рухсат бермаган. Нашрнинг ёзишича, эркак хавфсизлик кучларига тиз чўкиб ёлворган, улар эса хиёбонлар орқали туман тиббиёт бирлашмасига боришни айтган. Воқеа тафсилотлари билан яхши таниш бўлган тиббиёт ходимининг айтишича, аёл эрининг қўлида ҳалок бўлган. Улар шифохонага етиб боришганда, шифокорлар бошқа ҳеч нарса қила олмаслигини айтган.
“Унинг эри тез ёрдам машинаси етиб бора олмагани ва йўлдаги хавфсизлик хизмати ходимлари ўтказиб юбормагани учун аёлни машинасида олиб келди. Туркманободлик аёл ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсата олмаган ва туғилмаган боласи билан бирга эрининг қўлида вафот этган”, — деган тиббиёт ходими.
Шифохона ходимларининг хабар беришича, Президент ташрифи куни ҳатто тез ёрдам машиналари ҳам ҳаракатлана олмаган.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи Президент Бердимуҳаммедовга шикоят қилиб, адолат излашини, шунингдек, воқеа ҳақида ОАВ ва БМТга хабар беришини айтган. Ўшандан бери хавфсизлик кучлари ҳам унинг уйига бориб, унга “ўғлингнинг келажаги ва соғлиғи ҳақида қайғур” деган.
Туркманистон расмийлари воқеа юзасидан изоҳ бермаган. Маҳаллий ОАВ воқеа ҳақида хабар бермаган.