Европага тез-тез борувчиларнинг паспортидаги саҳифалар тежаладиган бўлди: Шенген зона қисқа муддатга келиб кетувчиларнинг паспортларига кириш ва чиқиш вақтида муҳр босиш амалиётини тўхтатмоқда. Бунинг ўрнига янги электрон тизим жорий этилади.
Европа Иттифоқи 2025 йил 12 октябрдан эътиборан Entry/Exit System (“Кириш-чиқиш тизими”) номли янги тартибни йўлга қўймоқда. Бу тартиб 2026 йил 10 апрелгача шенген зонага кириб-чиқувчи барча нуқталарни қамраб олади.
Янги тизим кириш ва чиқиш вақтида сайёҳнинг паспортига муҳр қўйишни бекор қилади. Барча маълумотлар, хусусан кириш-чиқиш саналари ҳам электрон тизимда сақланади.
Бунинг учун чет элликлар шенген зонага биринчи марта кираётган (ёки янги тизим ишга тушганидан кейин шенген зонадан биринчи марта чиқаётган) вақтда янги тизимга уларнинг биометрик маълумотлари киритилади: юзи суратга туширилиб, бармоқ изи олинади.
Суратга тушиш ва бармоқ излари топшириш учун мустақил равишда автомат-киосклардан фойдаланиш ёки анъанавий тарзда паспорт-назорат ходимига мурожаат қилиш мумкин.
Рўйхатдан ўтаётган шахслар ўз саёҳати ҳақидаги саволларга жавоб беришга, масалан шенген зонада бўлган пайти қаерда яшашига аниқлик киритишга ва уни ҳужжатлар асосида тасдиқлаб беришга тайёр бўлиши керак.