Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 17 ёшли ўғли Адам Қодировга муниципал ташкилотларнинг мол-мулк солиғини тўлашини назорат қилишни топширди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида хабар берди.
Билдирилишича, Адам Қодировнинг қандай усулда назорат олиб бориши ва унга нима сабабдан бундай масъулият юкланганига оид тафсилотлар келтирилмаган. У ҳозирда Чеченистон хавфсизлик кенгаши котиби, хавфсизликни таъминлаш бўлими бошлиғи ва отасининг ёрдамчиси ҳисобланади.
Бундан ташқари, Қодировнинг ўғли Ғазо аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича масъул. У Украинада жанг қилаётган чечен баталёнларига, Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлари университети ва Чеченистон Ички ишлар вазирлигига кураторлик қилади.
Кичик Қодировни юқори лавозимларга тайинлаш ва мукофотлаш Қуръонни ёқиб юборганликда айбланаётган Никита Журавелни тергов ҳибсхонасида калтаклаганидан сўнг бошланган. 2024 йил февралида Журавел диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилганлик иши бўйича, ўша йилнинг ноябрида эса давлатга хоинлик қилиш иши бўйича ҳукм қилинган.