Швеция мактабларда мобил телефонларни тақиқлаш бўйича умумий қонун жорий қилмоқда. Ушбу чора ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва дарсдаги ўқув муҳитини яхшилаш мақсадида жорий этилади. Бу ҳақда “Тhе Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг кузида бошланадиган янги ўқув йилидан бошлаб, барча мактаблар ва дарсдан кейинги тўгараклар ўқувчиларнинг телефонларини йиғиб олиб, кун охиригача сақлаши мажбурий бўлади.
Янги тартиб 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга тааллуқлидир. Мобил телефонларни тақиқлашдан ташқари, бошқа таклиф этилаётган ўзгаришлар ўқув дастури, баҳолаш тизими ва ўқитувчиларни тайёрлаш масалаларини ҳам қамраб олади.
"Бугун биз мактабларга тарихий бюджет инвестицияси ва сўнгги 30 йилдаги энг катта ислоҳотлар режасини тақдим этяпмиз," — деди Швециянинг янги таълим ва мактаблар вазири Симона Моҳамссон.