АсосийЖамият

Энди вояга етмаган шахслар “судланмаган” ҳисобланиши мумкин

18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

'Энди вояга етмаган шахслар “судланмаган” ҳисобланиши мумкин'ning rasmi

Қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Олий Мажлис Сенати мажлисида "Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, 2023 йилда 1911 нафар, 2024 йилда 2214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган. Ўтган йилда улар томонидан содир этилган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 1238 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 855 тани ташкил қилган.

Қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.

Жумладан, 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    Бошқа янгиликлар