Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 1 мартдаги ПҚ–108-сон қарори ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 458-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан:
- транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртасига тегишли ўзгартиришлар киритилди:
-актуар ҳисоб-китоблар асосида суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилиб, суғурта суммалари ва мукофотлари бозор тамойилларига мувофиқлаштирилди;
2026 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта суммасини 80 млн сўмгача (амалда 40 млн сўм) оширилиши белгиланди, бу ўз навбатида ЙТҲ натижасида жабрланган шахсларнинг мол-мулкига, ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарар миқдорини қоплаш учун йўналтириладиган маблағнинг бугунги кун талабига мос равишда бўлишига хизмат қилади;
- ҳайдовчилар сонига қараб чекланган ва чекланмаган полисларни расмийлаштириш механизми белгиланди. Бунда айбдор деб топилган суғурта қилдирувчининг суғурталовчиси томонидан суғурта даъволари ва бошқа низоларни кўриб чиқиш тартиби аниқлаштирилди;
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасига транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ҳамда ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома билан боғлиқ аджастерлик хизматини кўрсатиш функцияси қўшилди;
- мажбурий суғурталаш мажбуриятининг бажарилишини назорат қилиш учун масъул органлар ва Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини юритиш тартиби аниқлаштирилди;
- манфаатдор давлат органлари билан мажбурий суғурта бўйича электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилиши белгиланди;
- 2026 йил 1 апрелдан Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилади. Бу полисларни расмийлаштиришда суғурта мукофотлари тушумларининг марказлаштирилган ҳисобини юритилишини таъминлайди;
- фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.