АсосийДунё

Ҳиндистонда сув тошқинлари оқибатида 34 киши ҳалок бўлди

Шунингдек, Тиста дарёсига тушиб кетган автоуловдаги 8 нафар сайёҳ ҳанузгача топилмаган.

'Ҳиндистонда сув тошқинлари оқибатида 34 киши ҳалок бўлди'ning rasmi

Охирги уч кун ичида Ҳиндистоннинг шимоли-шарқий штатлари – Ассам, Манипур, Трипура, Сикким, Аруначал-Прадеш ва бошқа ҳудудларда содир бўлган сув тошқинлари ва ер кўчкилари оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.

Телеканалга кўра, Шимолий Сиккимда 1 200 дан ортиқ сайёҳ тошқинлар туфайли қамалда қолган. Дастлаб уларнинг жорий йилнинг 1 июнь куни эвакуация қилиниши режалаштирилган, бироқ янги кўчкилар бунга тўсқинлик қилган. 29 май куни Тиста дарёсига тушиб кетган автоуловдаги 8 нафар сайёҳ ҳанузгача топилмаган. Ҳарбий ҳаво кучлари қутқарув ишларига жалб этилган.

Мегҳалая штатининг 10 та тумани, Трипурада эса 10 мингдан ортиқ одам тўсатдан юзага келган сув тошқинидан зарар кўрган. Ассамда 764 та қишлоқдаги 360 минг нафар аҳоли табиий офатдан жабрланган. Бугун, 3 июнь куни яна 2 кишининг ҳалок бўлиши ортидан фақат Ассамнинг ўзида ҳалок бўлганлар сони 10 нафарга етган.

“Браҳмапутра дарёси Дибругарҳ, Неэматигҳат ва бошқа жойларда хавфли даражадан кўтарилиб оқмоқда. Яна бешта дарё хавфли сатҳдан юқорига кўтарилган.10 000 дан ортиқ одам эвакуация қилиниб, ёрдам лагерларига жойлаштирилган”, дейилади хабарда.

Ҳиндистон Ички ишлар вазири Амит Шоҳ табиий офат ҳудудларига ҳар қандай зарур ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. У Ассам, Сикким, Аруначал-Прадеш штатлари бош вазирлари ҳамда Манипур губернатори билан боғланганини маълум қилган.

“Ассам, Сикким ва Аруначал-Прадеш бош вазирлари, шунингдек, Манипур губернатори билан мулоқот қилдим. Кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган вазиятни бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Моди ҳукумати шимоли-шарқ аҳолиси билан бирдамликда туради”, деб ёзди Амит Шаҳ ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ассам штати вазири Жаянта Маллабаруаҳнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 4 лакҳ рупий (тахминан 4 800 АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўланади.

    Бошқа янгиликлар