2024 йил охирида АҚШ доллари 110 рублга яқинлашган эди. Ҳозир эса Россия Марказий банки белгилаган расмий курс 80 рублдан паст. Ҳатто май ойи охирида банклараро валюта бозорида (санкциялар сабаб Мосбиржа ишдан чиққан) доллар 77 рублгача тушди.
Россия Марказий банки мутахассислари рублнинг мустаҳкамланишини бир неча омиллар билан тушунтиради: мавсумийлик, Украинадаги уруш якунланишига бўлган умид, шунингдек, юқори асосий фоиз ставкаси. Оқибатда аҳоли кредит олишни камайтирди, бу эса узоқ муддатли истеъмол товарларига бўлган талабни пасайтирди ва импортчилар валютага камроқ эҳтиёж сезмоқда.
Аммо мутахассислар рубль аста-секин қадрсизланади, деган фикрда. Курс пасайишига олиб келувчи омиллар кўп.
Импорт тикланмоқда, экспорт эса қисқаришда давом этмоқда
“Альфа-Инвестиция” таҳлилчиларининг таъкидлашича, 2024 йилнинг биринчи чорагида импорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 3 фоизга кам бўлган бўлса-да, май ойида бу кўрсаткич 8,9 фоизга ўсди.
Экспорт тушумлари эса камаймоқда. Бунга нефть ва бошқа хомашёларга бўлган нархлар пасайиши сабаб бўлмоқда. G7 давлатлари Россия нефти учун нарх чегарасини 60 доллардан 50 долларгача тушуришни, ҳатто ундан ҳам пастроққа туширишни муҳокама қилмоқда. Украина эса нархни 30 долларгача тушуришни таклиф қилган.
Аҳоли орасида валютага талаб ошмоқда
“Альфа-Инвестиция” экспертлари яна бир муҳим жиҳатни тилга олади — ёзги таътил мавсуми бошланаётгани боис фуқаролар хорижий валютани кўпроқ харид қилишга киришди. Бу ҳам рублга босимни кучайтиради.
Курс прогнози: доллар 2026 йилга бориб 100 рублдан ошади
Информацион агентлик Cbonds келтирган ўртача прогнозларга кўра:
• 2025 йил 2-чоракда — 1 доллар = 85,1 рубль
• 2025 йил 3-чоракда — 90,9 рубль
• 2025 йил 4-чоракда — 98 рубль
• 2026 йил 2-чорагида — доллар нархи 100 рублдан ошиши кутилмоқда.