Австралиянинг шарқий қирғоғида рекорд даражадаги сув тошқини содир бўлди. Бунақаси қарийб бир асрдан бери бўлмаган, дея таърифланмоқда. Янги Жанубий Уэлс штатида жабрланган аҳоли пунктлари табиий офат ҳудуди деб эълон қилинди.
5,5 мингдан зиёд хонадон электр таъминотидан узилган. Бунга жала сабаб бўлган. Айни пайтда сув тошқини зонасида 140 дан ортиқ аҳоли пунктлари жойлашган. Аҳоли уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
"Бу штат аҳолиси учун даҳшатли офат. Сув тошқини зонасида аллақачон ўн минглаб уйлар бор ва биз яқин 24 соат ичида янги нохуш хабарларга тайёрланмоқдамиз," - деди штат бош вазири Крис Миннс.
Жабрланганларга ёрдам бериш учун 2 мингдан ортиқ фавқулодда хизмат ходимлари жалб қилинган, ҳарбий хизматчилар сафарбар қилинган.
Австралиянинг шарқий қирғоғидаги 50 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилиш бўйича кўрсатма олган. Графтон шаҳридан Ньюкаслгача бўлган қитъанинг шарқий қирғоғидаги 500 километрлик чизиқ бўйлаб жойлашган аҳоли пунктлари учун эвакуация хабарномалари чиқарилган.
Гидрометеорология бюроси маълумотларига кўра, пайшанба куни шарқий соҳилнинг марказий ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши сақланиб туради, ёғингарчиликнинг суткалик меъёри камида 300 мм ни ташкил этади. Кейин ёмғирлар жанубга қараб кетади ва жумага келиб Сидней ва унинг атрофидаги шаҳарларда ёғади.