АсосийСиёсат

Ўзбекистон президенти: “Инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компаниясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз”

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида нутқ сўзлади.

'Ўзбекистон президенти: “Инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компаниясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз”'ning rasmi
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида нутқ сўзлади.  Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Сиз, азизлар билан асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб келаётган гўзал Будапешт шаҳрида учрашиб турганимиздан беҳад мамнунман.

Бугунги йиғилишимизга юксак даражада мезбонлик қилаётган ҳурматли Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Жаноби Олийлари шаънига айтилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Ташкилотимизда муваффақиятли раислик қилаётган ҳурматли Қирғиз Республикаси Президенти Садир Нургожоевич Жапаров Жаноби Олийларига янги ютуқлар тилайман.

Муҳтарам ҳамкасблар!

Бугунги саммитимиз шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтмоқда. Геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барчамиз учун катта синов бўлмоқда.

Шу сабабли долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимизнинг умумий ёндашув ва позицияларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Таъкидлаш лозимки, биз энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосида ечим топиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳурматли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларининг бу борадаги муносиб ҳиссасини алоҳида эътироф этмоқчиман.

Ғазода сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчамизни чуқур ташвишга солмоқда. Токи “Икки халқ учун – икки давлат” тамойили рўёбга чиқмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас.

Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистондаги мураккаб вазиятни инобатга олишимиз ва унга биргаликда ечим топишимиз лозим. Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Биз қисқа вақт мобайнида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида амалий ҳамкорлик бўйича самарали натижаларга эришмоқдамиз. Яқинда иқтисодий таҳлил марказларимизнинг Тошкентда бўлиб ўтган анжуманида алоқаларимизни кенгайтириш учун улкан салоҳият борлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Кун тартибидан келиб чиқиб, ўз таклифларимни билдирмоқчиман.

Хабарингиз бор, ўтган йили “Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида”ги битимни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган эдик.

Бугунги кунда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ва долзарблиги янада ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, мазкур битим халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳужжатни Боку саммитида имзолашни таклиф қиламан.

Олдимизда аниқ вазифа турибди – яқин йилларда ўзаро савдо улушини кескин кўпайтириш лозим. Шу мақсадда “Турк-трейд” онлайн платформасини яратиш ва Савдони ошириш амалий дастурини қабул қилиш ташаббусларини илгари сурамиз.

Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш учун “ягона дарча” ҳамда “яшил коридорлар” тизимларини тезроқ йўлга қўйишга чақираман. Ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ноябрь ойида Тошкентда Туркий давлатларнинг Халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказишни режалаштирганмиз.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Туркий инвестиция жамғармасининг фаолияти сармоялар оқимининг фаоллашувига туртки бериши шубҳасиз.

Биз инновацион лойиҳаларни рағбатлантириш учун қўшма венчур компаниясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу борада мамлакатларимизнинг инвестиция имкониятларини тўлиқ акс эттирган “Ягона инвестиция портали”ни жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Яна бир масала. Cаноат кооперацияси соҳасида амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш вақти келди. Бу борада кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида салмоқли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Халқаро иқлим форумида “яшил” тараққиёт соҳасидаги минтақавий ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим таклифлар билдирилди.

Ҳурматли Виктор Орбан Жаноби Олийларининг ташаббуси билан Будапештда Ташкилотимизнинг Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ўз ишини бошлаганини ҳам мамнуният билан эътироф этамиз. Мазкур институт фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб этиш учун “Қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, барчамизнинг фахр-ифтихоримиз бўлган буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тараннум этиш биз учун шарафли ва масъулиятли вазифадир. Шу боис илм-фанни ривожлантириш ва ёш авлод учун таълим имкониятларини кенгайтириш ниятида “Туркий дунё хартияси”да “Илмдан ўзга нажот йўқ” деган юксак ахлоқий ғояни муҳрлаб қўйдик.

Ушбу эзгу мақсад йўлида Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университети очилмоқда. Мазкур ўқув даргоҳида туркий давлатларнинг етук профессор ва олимлари фаолият олиб бориши кўзда тутилмоқда. Бу эса ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг замонавий билимларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ўтган йили Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос жамғармасига расман аъзо бўлиб кириш ҳақидаги қарорини эълон қилган эдик. Ушбу тузилма доирасида умумтуркий маданий меросимизни асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга безавол етказиш олдимизда турган муҳим вазифадир. Бу соҳадаги мулоқотни кенгайтириш мақсадида Жамғарма Кенгашининг навбатдаги йиғилишини мамлакатимизда ўтказишни таклиф қиламан.

Давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантиришда Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ алоҳида ўринга эга. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқиш ва ТУРКСОЙнинг нуфузини янада ошириш учун унинг фаолияти ва тузилмасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Шу мақсадда ташқи ишлар ва маданият вазирларимизга Боку саммитига қадар тегишли таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини топширсак, тўғри бўлади, деб ўйлайман.

Муҳтарам ҳамкасблар!

Бундан уч йил олдин туркий дунё бирлигига қўшган улкан ҳиссаси учун буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этган эдик.

Бугун ушбу нуфузли мукофот билан атоқли турк олими, биохимик, Нобель мукофоти совриндори, жаноб Азиз Санжар тақдирланаётганидан беҳад мамнунмиз. Бу машҳур олим Ўзбекистон Миллий университетининг фахрий доктори эканидан биз албатта ғурурланамиз.

Аминманки, бугунги тақдирлаш маросими туркий дунё олимларини, жумладан, илм-фан йўлига дадил қадам қўяётган ёшларимизни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.

Азиз дўстлар!

Бугунги Будапешт саммитида қабул қилинган муҳим қарор ва ҳужжатлар қардош халқларимиз ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очишига ишонаман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

    Бошқа янгиликлар